Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали билан ҳамкорликда «Замонавий кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш истиқболлари» мавзусида очиқ мулоқот ҳамда “Карьера кунлари” - бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Тадбирда университетнинг битирувчи курс талаба - ёшлари иштирок этишди. Мамлакатимизда айни кунда олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли, маълум мутахассислик дипломига эга ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, уларни касбга йўналтириш, шунингдек битирувчилар бандлигини таъминлаб, бу жараёнда манфаатдор давлат органлари ва муассасаларнинг ҳамкорлик фаолиятини мақсадли йўналтириш бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ярмарка ва тадбир ана шу мақсадларнинг яна бир амалдаги ижросидир.
Тадбирни Университет ректори, профессор Юнусов очди ва меҳмонларни қутлади. Иш берувчилар ва вилоят ҳокимлигининг масъул идоралари вакилларига таълим маскани ва бу ерда тайёрланаётган мутахасислар хусусида маълумот берди. Жумладан, Университетда бугунги кунда 7 та факультет мавжуд бўлиб, сиртқи, магистратура бўлимлари ва қўшма таълим дастури асосида мутахассислар тайёрланиб, уларда жами 6164 нафар талаба ва магистрантлар таҳсил олишмоқда. Жорий ўқув йилида битирувчилар бакалавр кундузги таълим шакли бўйича 14 таълим йўналишида 705 нафар, сиртқи таълим шаклида 10та таълим йўналиши бўйича жами 214 нафарни ташкил этади.
“ - Университетимизда барча таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқув, ўқув-услубий ҳамда моддий –техник база етарли, 11 та замонавий лабораториялар мажуд бўлиб, 350 нафардан ортиқ профессор – ўқитувчилар талабаларга таълим беришмоқда, илмий салохиятимиз эса 41 % ни ташкил этади. Таълим олиш учун барча шароитлар мавжуд, фан –таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кўчайтириш, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган замонавий кадрлар тайёрлаш асосий вазифамиз бўлиб қолаверади, дейди ўқув ишлари бўйича проректори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори А.Элмуродов.
Очиқ мулоқотда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Феруз Абилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари Хуршид Назаров, вилоят ветеринария ва чорвачилик бошқармаси бошлиғи Алишер Нуруллаев ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари иштирок этиб, битирувчи талабаларнинг саволларига жавоб беришди. Раҳбарлар томонидан қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳасида бугунги кунда қандай мутахассисларга талаб мавжудлиги, мутахассислар давлат органлари ва ташкилотларига ишга киришда қандай билим ва кўникмаларга эга бўлишлари кераклиги, вилоятда ветеринария ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кутилаётган янги лойиҳалар, истиқболли вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Очиқ руҳда ўтган мулоқот давомида давлатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, университетда кадрлар селекциясини тизимли йўлга қўйиш, халқаро стандартларга мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратишга оид ишлар муҳокама этилди. Тадбир давомида Агентлик вилоят филиали томонидан vacancy.argos.uz ҳамда test.argos.uz платформалардан фойдаланиш юзасидан агентликнинг вилоят филиали бош инспектори Ф.Ахатов томонидан тадбир иштирокчилари, битирувчи босқич талабаларига тақдимоти намойиш этилди. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси, психолог Умида Алибаевна Бўтаева томонидан талабаларни келгусида иш берувчилар билан самимий мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида “Мулоқот – касб эгаллашнинг муҳим омили” мавзусида машғулот ташкил этилиб мавзуга доир тренинг ўтказилди.Унда талабаларга мулоқот қилиш кўникмалари бўйича маълумот берилди.
Каръера кунида вилоятнинг 50 га яқин корхона, ташкилот ва чорвачилик кластерлари 400 тадан ортиқ вакант лавозимлар ва бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Университетнинг учинчи ва тўртинчи босқич талабалари ҳозирда ишлаб чиқариш амалиётларини иш таклиф этилган корхона, ташкилотларда ўташ ва келгусида потенциал иш билан таъминланиш имконияти яратилди. Бундан ташқари 400га яқин мурожаатлар қабул қилинган. Битирувчи талабаларнинг 150 нафарга яқини иш берувчилар билан шартнома имзолади.
Жорий 2022/2023 ўқув йилида университетни 711 нафар талабалар - ёшлар тамомлайди.
Ахборот хизмати
2023-11-06
2023-03-01
2023-03-17
2022-05-17