Аждоду авлодни аллалаган тил

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялари университетида она тили байрамига бағишлаб ўтказилган тадбир шундай номланди.
Ўзбек, рус тиллари ва адабиёти кафедраси ҳамда 5-маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилган адабий-бадиий кечада она тилимизнинг маънавиятимиз учун тутган ўрни, унинг ижтимоий ҳаётга таъсири, таълим соҳасида тилнинг моҳияти билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди. Университет ректори Х. Юнусов сўзга чиқиб, байрам муносабати билан барча иштирокчиларни қутлади. 
Дарҳақиқат, она тилимиз дунёдаги энг бой ва нуфузли тиллардан бири ҳисобланади. Айни пайтда жаҳонда 40 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашади. Тадбирда 5-маданият маркази бадиий ҳаваскорлари ҳамда университет талабалари томонидан тайёрланган адабий-бадиий дастурда ҳам она тилимиз ва уни салоҳиятига алоҳида таъриф берилди. 
Байрам муносабати билан ўтказилган ҳафталикда фаол иштирок этган, шу муносабат билан ўтказилган турли танлов ғолиблари ва ташкилотчилари университет маъмурияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

С. УЛЛИЕВА

LTR RTL