БИР БЎЛСАК – ЯГОНА ХАЛҚМИЗ, БИРЛАШСАК – ВАТАНМИЗ!

Бугун юртга ободлик, тараққиёт ва инсонга қадр берган мустақиллигимизнинг 33 йиллигини нишонламоқдамиз. Мустақиллик - юртни, миллатни бирлаштирадиган ягона куч, кўп миллатли ҳалқимизнинг иродаси, унинг ҳуррият ҳақидаги азалий орзуларидир.


Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзоладилар. Қарорга кўра, мустақилликнинг 33 йиллик шонли санаси чинакам умумхалқ байрами, озодлик ва саодат айёми сифатида кўтаринки кайфиятда кутиб олинади ҳамда мамлакатнинг бугунги тараққиёт даражаси, юксалиш суръатларига муносиб тарзда нишонланади. Ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади.

Албатта, истиқлолга, тараққиётга ўз-ўзидан эришилмаган. Ушбу муборак кунда халқнинг эрки, озодлиги, миллатнинг фаровонлиги орзусида курашган аждодларимиз жасоратини ёдга олмай иложи йўқ. Тарихий адолат, ҳақиқатнинг тикланиши туфайли миллий истиқлолимиз йўлида жонини фидо қилган қатағон қурбонлари, тараққийпарвар жадидлар номлари тикланди. Миллат ифтихори бўлган бобокалонларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши халқимиз, айниқса, бугунги кун ёшлари учун ҳамиша катта ибрат мактаби бўлиб қолади.

Бугун Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи, фидойи олимлари, билимли ва заковатли ёшлари Ватанимизнинг равнақи йўлида меҳнат қилиб, унинг юксалишига муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.   

Ўз навбатида, олийжаноб ва меҳридарё халқимиз, меҳнаткаш юртдошларимизни давлат мустақиллигининг 33 йиллиги билан чин юракдан муборакбод этиб, барчага тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт, соғлик-омонлик тилаб қоламан.

“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган энг улуғ ва муқаддас байрамимиз - истиқлол айёми шукуҳи оилаларимиз даврасида, қалбларимизда давом этаверади. Мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи халқимизга доимо тоғдек таянч бўлиб қолаверади.

Ватанимиз осмони мусаффо, сарҳадлари дахлсиз, чегараларимиз мустаҳкам, ҳаётимиз янада фаровон, мустақиллигимиз ва равнақимиз абадий бўлсин! Ҳамиша навқирон ва бетакрор юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва фаровонлик, ҳаётингиздан, хонадонингиздан эса ҳеч қачон файзу барака, қувонч аримасин. Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган саъй - ҳаракатларингизда юксак муваффақиятлар ва омадлар ёр бўлишини тилайман.

Барчамизга яна бир бор жонажон Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги муборак бўлсин!

 

Ҳурмат билан,

 

Худайназар Юнусов

СамДВМЧБУ ректори,

Биология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

чорвадор.

LTR RTL