MEHNAT BOZORIDA MALAKALI MUTAXASSISLARGA TALAB VA EHTIYOJ YUQORI

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик  мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоғи саналиб,  статистик маълумотларга кўра, тизимда 3,6 миллион киши, яъни иқтисодиётда банд бўлганларнинг 27 фоизи ишлайди. Бундан маълумки, иқтисодиётнинг “драйвер”и бўлган мазкур соҳалар ривожи Ўзбекистонимизнинг мустақиллигини, ижтимоий - иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини  таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Бугун дунёда юз бераётган глобализация жараёнларини кузатарканмиз, озиқ - овқат бозорида нарҳ - наво тинимсиз кўтарилиб бораётгани, айрим давлатларда бу ҳолат катта норозиликлар ва озиқ - овқат танқислиги ва етишмовчилигини келтириб чиқараётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу биздан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган талабни кучайтилмоқда ва табиийки, муаммони ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Соҳани ривожлантириш аввало, мутахассис – кадрлар тайёрлаш билан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 31 мартдаги қарори асосида Самарқанд Ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети ташкил этилди. Университет ветеринария медицинаси, ветеринария ва санитария экспертизаси, ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари, ветеринария фармацевтикаси, зооинженерия, ветеринария биотехнологияси, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси йўналишларида кадрлар тайёрловчи таянч давлат олий таълим муассасаси сифатида қайтадан ташкил этилди. Халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар асосида ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ветеринария клиникаси, ўқув ва илмий лаборатория, ўқув-тажриба хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш асосий мақсад ва вазифалар сифатида белгилаб олинди.Ўтган 3 ой давр мобайнида янги ташкил этилган университетнинг биринчи стратегик йўналишлари амалиётга жорий этилди. Охирги 4 йилда биз масъулларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири - соҳадаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан яқинлашиш эди. Бугун давлатга қарашли ва хусусий корхоналар, катта хўжаликлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйдик, шартномалар тузилди. Айни дамда айтиш мумкинки, бу шартномалардан ҳам, даромад оладиган даражага келяпмиз.Энг муҳими, ишлаб чиқаришда банд бўлган мутахассислар биз учун ўқув режасини, ишчи дастурларни тузишда бевосита иштирок этишмоқда. Мисол учун,  4 йил аввал талабаларнинг амалиёт машғулотлари учун ажратилган дарс соатларнинг ҳаммаси профессор – ўқитувчилар зиммасига юклатиларди. 2 йилдан бери эса ушбу соатларнинг 10-15 фоизини амалиётдаги мутахассислар зиммасига юклашга муваффақ бўлдик.  Эндиги мақсад, бу кўрсаткичнинг 60 фоизини амалиётдаги мутахассисларга бериш, қолган 40 фоизи университет профессор - ўқитувчилари учун ажратилади. Сабаб, талабалар ўқиш ва амалий машғулотлар давомида ишлаб чиқариш жараёнидаги муаммолар, вазиятларнинг моҳиятига тушуниб, уни ҳис қилиб, бўлғуси мутахассислар сифатида бу жараёнларга тайёр бўлиб боришлари керак.Олий таълим муассасаларида ўқишни якунлаб, мустақил иш бошлаётган ҳар бир битирувчида “Биринчи иш куни самарадорлиги” (“Компитенция первого рабочего дня”) деган тушунча бор. Бу дейлик, ветеринария врачи участкага биринчи ишга келган куни, биотехнолог лабораторияда биринчи иш бошлаган куни, зоотехник корхонага ишга келиб, у дастлаб ишни нимадан бошлашини билиши керак. Кунлик, ҳафталик ишларини режалаштириб, шароитга тез мослашиб олиши назарда тутилади. Бизда илгари битирувчиларнинг диплом олгандан кейинги ҳаёти нима бўлиши кўпчиликни унчалик ҳам қизиқтирмасди.  Қаерда ишлаши, нима фаолият билан шуғулланиши ёш мутахассиснинг ўзигагина тегишли бўлган муаммо саналарди.  Университетда 2 йилдан буён битирувчилар учун Ишлаб чиқарувчилар – иш берувчилар иштирокида меҳнат ярмаркалари ташкил этиляпти. Битирувчиларимиз иш берувчилар билан шартномалар тузишяпти. Ва албатта, бу ишларнинг мониторинги олиб борилади. Иш берувчилар бизга мурожаат қилишади, биз улар билан яқин алоқаларни ўрнатяпмиз. Бу жараёнда иш берувчилар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришади. Талабаларни қандай билимларга ўқитишимиз, нималарни ўргатишимиз ва қандай мутахассислар тайёрлаб беришимиз ҳақида янада аниқ тасаввурларга эга бўламиз.  Бугун бизни ҳурсанд қиладиган бир жиҳат бор - Аксарият ёшлар ўз мақсадларига эга, магистратура босқичи битирувчиларининг айримлари албатта илмий фаолиятни давом эттиришни истайди, баъзилари катта кластерларда ишлашни мақсад қилган ва яна баъзи ёшлар педагогик фаолият билан шуғулланишни истайдилар. Ёки ишлаб чиқариш жараёнида 1 ё 2 йил ишлаган талабаларимиз ҳам олдига янги мақсадлар қўяди – бакалаврлар магистратурада ўқишни давом эттиради, магистрлар доктарантурага ҳаракат қилади. Сўнгги йилларда ҳалқаро миқёсда олиб бораётган ишларимиз ҳам ўз самарасини беряпти (Университет 100тага яқин нуфузли ҳалқаро ОТМ билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган) талабаларимиз ўзлари истаган чет тилларини ўрганиб, ҳамкорларимиз Германия, Португалия, Япония, АҚШ, Корея ва бошқа ривожланган мамлакатлардаги  турдош ОТМларида ўқишни давом эттиришга истак билдиришмоқда. Биз эса уларни албатта, ўзлари танлаган ўқув муассасаларига жўнатамиз. Улар четда бошқа муҳитда ўқиб, таълим олиб, тажриба орттириб Ўзбекистонга янада кучли мутахассис сифатида қайтиб келишмоқда.Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистон - катта имкониятлар мамлакати. Юртимизга аҳоли эҳтиёжларини қондириш мақсадида катта миқдорда чет элдан гўшт ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинади. Бу маҳсулотларга давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилиши ҳам бор гап. Яқин келажакда Ўзбекистоннинг сифатли гўшт маҳсулотларини бутун дунёга импорт қилишимиз мумкин. Бу мақсад учун бизда имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли. Мутахассисларни шу мақсадда тайёрламоқдамиз. Иккинчидан, қишлоқ хўжалик ҳайвонларини сақлайдиган шароитларни ўзгартириш ва уларни озиқлантириш рационини тўғри йўлга қўйиб, сифатли гўштни турли категориялар, таснифлар билан жаҳон бозорига олиб чиқишни режалаштирганмиз.Бозордаги энг қиммат ва сифатли “Мрамор” категорияли гўшт қандай етиштирилади? Бу маҳсулотни тайёрлаш учун ҳайвонни қандай боқиш, озиқлантириш ва парвариш қилиш технологиясини билишимиз керак.Фермалар ва хўжаликларда боқиладиган қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг озиқ - овқат рационини тўғри ташкил қилиш сифатли гўшт етиштиришнинг асосий шартларидан биридир.Йирик шоҳли қорамолларни оладиган бўлсак, гўшт учун боқиладиганининг рациони бошқа ва аксинча, сут учун боқиладиганинг рациони бутунлай бошқача бўлади. Ветеринария соҳасида таълим жараёнларининг бевосита амалиёт билан уйғунликда ташкил этилишини, илм-фан ва технологиялар интеграциясини таъминлаш мақсадида Университет ҳузурида айни кунда хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки қурилиши бошланди.Янги ўқув йилидан Университетда 13та янги таълим йўналишлар очилди. Янги йўналишлар сифатида (ҳайвонларни озиқлантириш оғриқли муаммоларимиздан бири эди) қишлоқ хўжалик ҳайвонларини озуқа билан таъминлаш мақсадида эндиликда ўсимликшунослик, ем –ҳашак агрономияси, чўл ўсимликларини ўрганиш йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Чорвачилик соҳаси учун бухгалтерларни, иқтисодчиларни тайёрлаяпмиз.   Биотехнология мамлакатимиз учун нисбатан янги соҳа.  Ўсимликшунослик биотехнологияси, ветеринария биотехнологияси, ишлаб чиқаришда озиқ - овқат ҳавфсизлигини таъминлаш биотехнологиялари бўйича мутахассислар тайёрлаяпмиз. Университет шаклан кўп тармоқли олий таълим муассасаси ҳисобланади. Моддий техник базамиз етарли, имкониятлар мавжуд, ўқув ва илмий лабораториялар талаб даражасида фаолият кўрсатмоқда.  Университетда жорий йилда Президент қарори асосида яна 3 та ётоқхона қурилиши режалаштирилган. Бу йил Университет ўзининг биринчи қалдирғочлари – 600 нафардан зиёд битирувчиларини мустақил ҳаёт томон йўллайди. Уларни ишга жойлаш бўйича дастлабки ишга тақсимлаш 90 % амалга оширилган. Битирувчиларимизга меҳнат бозорида  талаб юқори, айнан малакали кадрларга эҳтиёж ошган, шунингдек олдинги ўқув йиллардаги битирувчиларга нисбатан бу йилга битирувчиларимизнинг савияси ҳам анча юқорилиги иш берувчилар томонидан эътироф этилмоқда. Битирувчиларимиз асосан Республика ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимидаги вилоятлар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари, туман бўлимлари, Чорва ҳайвонларига ташхис қўйиш ва озиқ-овқат ҳавфсизлиги лабораториялари, чорвачиликка ихтисослашган кластерларда, хусусий ветеринария хизмати идораларида, Республика ва вилоятлардаги чорванасл бошқармалари ва туман бўлимларида чорвачиликка ихтисослашган илмий тадқиқот институтларига, фермер ва дехқон хўжаликларига ва кластерларга ишга жойлашиб келмоқда.  Эътироф этиш жоизки, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида кўҳна ва қадим Самарқандда 90 йиллик мактаб бор, бугунги кунда ана шу мактабнинг йирик намояндалари, қолаверса, уларнинг шогирдлари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида фаолият кўрсатмоқда. Янги методологиялар ва янги технологиялар билан топ - 1000 ликка киришни режалаштирмоқдамиз. Бу табаррук масканда туғилган янги ғоялар ишлаб чиқаришга тадбиқ этилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи, қолаверса, халқимиз фаровонлиги учун ҳизмат қилади. 

Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

СамДВМЧБУ ректори



 

LTR RTL