FAYZLI MASKAN ZAMONAVIY VA RAQOBATBARDOSH KADRLAR TAYYORLAYDI

Халқчил ва демократик тамойилларга асосланган эркин фуқаролик жамияти - Янги Ўзбекистон давлатини қуриш истагидамиз. Шу мақсад йўлида жамият ҳаётида модернизация жараёнлари давом этмоқда, халқимиз онги ва тафаккурида,  кишилар руҳиятида янгиланиш юз бераётганини сезиш мушкул эмас. Президент қарори билан 2022−2024 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Уни амалга ошириш учун эса давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилди. Эътироф этиш лозимки, бу маблағларнинг энг катта қисми ижтимоий соҳа ривожи учун сарфланади.  
Шунингдек, Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари зиммасига Дастурнинг асосий параметрлари, мақсадли кўрсаткичлари ва манзилли рўйхатлари белгиланган муддатларда, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек ажратилган маблағларни мақсадли йўналтириш ҳамда самарали сарфлаш юзасидан шахсий жавобгарлик ҳам юклатилди.
Бунёдкорлик ишларини биргина Самарқанд Ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети миқёсида бироз таҳлил қилишга интиламиз.
Сўнгги 4 йил давомида Университетнинг ўқув жараёнида, илмий изланишларда шунингдек  бунёдкорлик ишларида катта ўзгаришлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Тарихан қисқа муддат ҳисобланган бу давр мобайнида олий ўқув даргоҳи қайта ташкил этилди, оёққа турди, мамлакат иқтисодиёти учун зарур мутахассисларни тайёрлаб бермоқда, қолаверса, ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди, энди эса институт мақоми оширилиб, шахсан Президентимиз ташаббуси ва хукуматимиз кўмагида Университетга – йирик ўқув марказига айлантирилмоқда.
Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида  (собиқ) Ўқув - илмий ва лаборатория, клиника корпуслари ҳамда мавжуд ётоқхоналар 2018 йил  Давлат Дастурига асосан (37-03 – сонли Президент қарорига кўра) мукаммал таъмирлаш ишлари бошланган эди. 2019 йилда бошланган Пандемия муносабати билан ишлар бироз ортга сурилди, аммо ниҳоясига етказилди.  Жумладан, 2021 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилган 6 – бинода ҳам таъмирлаш ишларига давлат бюджетидан 25 млрд. сўм маблағ ажратилди ва  давлат буюртмачиси республика Олий ва ўрта –махсус таълим вазирлиги томонидан барча молиявий ва ташкилий ишлар талаб даражасида амалга оширилди. Қурилиш ишлари тендер асосида "Строй Гранд Сервис" МЧЖ бунёдкорлари томонидан якунига етказилди. 
Айни кунда мазкур 6 – бинода Университет ректорати, Зооинженерия факультети ҳамда ўқув ва илмий –лабораториялар жойлашган. Юқорида таъкидланган бюджет маблағлари (25 млрд. сўм) фақат қурилиш - таъмирлаш ишларига эмас, балки замонавий лаборатория жиҳозлари учун ҳам тақсимланган. Жумладан бугун бинода фаолият кўрсатаётган 8 та илмий лаборатория ва Зооинженерия факультети тасарруфидаги 6 та ўқув лабораторияси профессор – ўқитувчилар ва талаба – ёшлар, шунингдек мустақил тадқиқотчилар учун кенг имкониятларни тақдим этмоқда. Негаки, эндиликда аксарият муҳим тажрибаларни мазкур лабораторияларда амалга ошириш имконияти мавжуд.  
Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош Прокуратура, Молия вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан мазкур янги ўқув биноси яна экспертизадан ўтказилди. Телекоммуникация, канализация ва бино фасадида аниқланган айрим камчилик ва нуқсонлар бутунлай бартараф этилди ва бугунги кунда бу бино тўлиқ фойданилиб келинмоқда. 
Айни кунда Университетнинг бошқа ҳудудларида ҳам қурилиш – таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. 
“2022-24 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 22 январдаги қарорига асосан, Университет Бош биноси, Талабалар тураржойида ҳам жорий йил Давлат Дастурига асосан мукаммал таъмирлаш ишлари бошланди.
Самарқанд Ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги олий таълим муассасаси бўлиб, ҳудуддаги барча бунёдкорлик ишларига айнан давлат қўмитаси бошчилик қилмоқда. Барча ташкилий ва молиявий ишлар, тендер ўтказиш, пудратчиларни танлаш ва ҳоказо ишлар қўмита томонидан олиб борилмоқда ва назорат қилинмоқда. Мазкур ижтимоий объектларга давлат бюджетидан - Бош бино учун 22,8 млрд сум ("Кобил Курувчи Сервис " МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда),  Талабалар тураржойи учун эса  9,179 млрд. сўм ( пудратчи "Окдарё Бунёдкор Қурувчи Сервис " МЧЖ) атрофидаги маблағ йўналтирилган. 
Янги 2022 - 23 ўқув йили бошланиш олдидан иккала объект  ҳам фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда Бош бинода таъмирлаш ишлари 65 фоизга, қизлар ётоқхонасидаги ишлар 85-90 фоизга амалга оширилган. Эски бинолар замонавий лойиҳалар асосида қайта реконструкция қилинмоқда.  
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда  Самарқанд вилоят ҳокимлигининг масъул секторлари томонидан ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари мунтазам назорат қилинмоқда. 
Университетда амалга оширилаётган бу қурилишлар биргина вилоят миқёсидаги эмас, республика даражасидаги объектлардир. 
Таълим маскани мақоми оширилгач, мутасаддилар зиммасига янги топшириқ ва вазифалар юклатилди,  янги мақсадлар қўйилди.  Давлат бюджетидан Университет моддий техник базасини янги имкониятлар билан кенгайтириш ва таъминлаш учун яна 200 млрд. сўм маблағ ажратилди.  Самарқанд Ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети жуда яқин келажакда ҳорижнинг энг илғор ОТМдан қолишмайдиган замонавий кампусга эга бўлади.  Жумладан, 14 га.ни эгаллаган Университет ҳудудида 2023 йилдан бошлаб, лаборатория ва клиника корпуси кенгайтирилади, янги технопарк қурилади, шунингдек 2024 йилдан бошлаб, ҳудуддаги эски 2 қаватли бино ўрнига, 1200 талабага мўлжалланган янги ўқув биноси қурилади. Давлат-хусусий шерикчилиги асосида 2022 йилдан бошлаб, ҳудудда 2 та 400 ўринли талабалар тураржойи қурилиши ҳам режага киритилган. Айни кунда Республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур ишлар учун  4 та лойиҳа тақдим этилган ва бу лойиҳалар ўрганилмоқда.  
Бу ўзгаришлар Университетни нафақат республика миқёсидаги, балки минтақамиздаги замонавий ўқув марказига айлантиришни назарда тутади. 
Демак, жамият ҳаётидаги ўзгаришлар фақат ташқи томондан эмас, балки моҳиятан юз бермоқда. Бундай йирик, замонавий ва нуфузли ўқув маркази томонидан тайёрланадиган мутахассислар ҳам албатта билимли, малакали ва албатта рақобатбардош бўлиши керак. 
Барча интилишларимиз ва ҳаракатларимиз ана шу мақсадга йўналтирилган.


Худайназар Юнусов
Биология фанлари доктори, профессор
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор
СамВМЧБУ ректори

LTR RTL