БЕЛОРУСЬ ДЕЛЕГАЦИЯСИ РАҲБАРИ УНИВЕРСИТЕТ ФАҲРИЙ ПРОФЕССОРИ БЎЛДИ

Белорусь Республикаси Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси А.Субботин бошчилигидаги делегация Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ҳамроҳлигида университетга ташриф буюрди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган делегация аъзоларини университет ректори, профессор Х.Юнусов бошлиқ мутасаддилар кутиб олишди. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Белорусь Республикалари олий таълим муассасалари, жумладан СамДВМЧБУ ва унинг Белорусдаги ҳамкорлари, Витебск давлат ветеринария медицинаси Академияси ва бошқа ОТМ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаолиятининг айни кундаги ҳолати ва истиқболлари бўйича фикр – мулоҳазалар алмашилди.Ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари, ҳар икки томон учун ҳам долзарб бўлган масалалар бўйича илмий ва услубий ишларни кенгайтириш, талабалар ва профессор –ўқитувчилар учун алмашинув дастурларини янги босқичда ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.  

Учрашув давомида делегация раҳбари А.Субботинга СамДВМЧБУ ректори Х.Юнусов томонидан “Фаҳрий профессор” унвони топширилди.

Шунингдек, фаҳрий меҳмонларга Ўзбекистоннинг, қадимий Самарқанднинг рамзлари бўлган эсдалик совғалари топширилди.

PS: Биология фанлари доктори, профессор А.Субботин СамДВМЧБУнинг яқин дўсти ва ҳамкори саналади. Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси битирувчиси ва асли мутахассислиги паразитолог бўлган Субботин Белорусь республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва ветеринария ва қолаверса, таълим соҳасидаги кўплаб лойиҳаларда фаол иштирок этган ва бу ҳамкорликни ҳамиша қўллаб қувватлаган. 

Жумладан,  “Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасидаги Битимни амалга ошириш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси”, шунингдек, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия тадбирларида ҳар икки мамлакат ривожи учун муҳим қарорлар имзоланган.

Ахборот хизмати

LTR RTL