Samarqand Davlat veterinariya medisinasi, chorvachilik va biotexnologiyalar Universitetida KREDIT – MODUL tizimi qanday joriy etilmoqda?

Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ушбу ҳужжатда “республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш” белгилаб берилди. Шунингдек, 2030 йилга қадар республикадаги барча олий таълим муассасаси (ОТМ)нинг 85 фоизи, жумладан, 2020/2021 ўқув йилининг ўзида 33 та олий таълим даргоҳини кредит-модуль тизимига ўтказиш кўрсатиб ўтилди. Самарқанд Давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университетида КРЕДИТ – МОДУЛ тизими қандай жорий этилмоқда?  Саволларимизда Университет ректори, профессор Худайназар Юнусов жавоб берди: Кредит – модул тизимида энг катта эътибор талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилган Мамлакатимизда таълимни ташкил этишнинг бу замонавий усули – Кредит – модул тизими жорий этилганига бор - йўғи 3 йил бўлди. Айни кунда Республика ОТМи Болонья кредит –модул тизими асосида ўқитилмоқда. Жумладан, Самарқанд Давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университетида ҳам шу тизим амалда.Айтиш керакки, биз бу амалиётни тўғридан - тўғри ўзимизга жорий эта олмаймиз. Фақат тизимни ўзимизга мослаштирилган вариантини қўллашимиз мумкин. Кредит – модул тизимида энг катта эътибор талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилган.  Талабаларимизни эса мустақил ишлашга тўлиқ тайёр, деб айта олмаймиз. Биз талабаларни дастлаб шунга тайёрлаб олишимиз керак. Дейлик, тизимда ўзлаштиришни 60га 40 деб олайлик. Талабага 40 фоиз билимни профессор –ўқитувчилар беради, 60 фоизини эса талабанинг ўзи мустақил ўқиб ўрганиши керак. Назарий фанларни мустақил ўзлаштириш мумкиндир, аммо амалий фанларни мустақил ўрганиб бўлмайди. Ветеринария, даъволаш ва биотехнологиялар соҳаси бўйича эса амалий фанлар кўпроқ. Ветеринария врачи бўлиш учун мустақил ўқиб ўрганиш етарли эмас, амалиётда устозлар назоратида бўлиш ва ҳамма жараёнларда иштирок этиш муҳим. Демак, айтиш мумкинки, тизимни ўзимизга мослаштиряпмиз. Эски тизимимиз бўйича, профессор ўқитувчининг ўзига хос йиллик юкламаси бўларди, йилига 800 соатми, минг соатми домлалар дарс ўтиши керак. Биз бу соатларни ҳозир кредит - модул тизимида арифметик тарзда (битта кредит 30 соат) домлаларга юклама қилиб берсак, катта хато бўлади, чунки кредитни улар эмас, талабалар йиғиши керак.  Талаба 1 семестрда 30 ва бир йил учун 60 кредит йиғиши керак. Кредитларнинг баҳолар кўрсаткичи ўртача олганда 2,6 дан юқори бўлиши лозим. Яъни, талабаларнинг бир йилда тўплаши лозим бўлган кредит миқдори 60 ни ташкил этади. Ўқув йили икки семестрдан иборат бўлса, талаба ҳар семестрда 30 кредит тўплаб бориши керак.  Бакалавриат дастури 3-4 йиллик бўлса, талаба бакалавр даражасини қўлга киритиши учун жами 180 — 240 кредит, 1-2 йиллик магистратура дастурини тугаллаши учун эса, 60 — 120 кредит тўплаши мажбурият ҳисобланади. Қайсидир фан 4 кредит, баъзилари 8 кредит ва айримлари эса 2 кредитдан иборат бўлиши ҳам мумкин.  Дейлик, дарс 60 соат бўлса, 2 кредит бўлиши мумкин. Лекин касалликларни ўрганадиган фанлар эса, 8 ё 10 кредит бўлиши мумкин. Кредитлар тақсимоти айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.  Аммо бу табиий жараён – оддийликликдан мураккаблик томон ўзгаради.  Бу тизим бизда эндигина жорий қилинди, 1 ва 2 курслар янги тизим бўйича ўқитиляпти. Замонавий ўқитишнинг энг илғор усули. Баъзи тушунмовчиликлар бўлиши ҳам табиий жараён. 

 Мақсад - ўқитишни инновацион таълим технологиялари асосида олиб бориш, илмга талабгорларни мустақил изланишга, таълимга янгича муносабатда бўлишга ўргатиш, меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб, зарурий ва чуқур назарий билимларни эгаллаш, амалий кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир. Бу тизим талабанинг касбий ривожланиши ва камолотига йўналтирилган. 

Г.Бердиёрова тайёрлади

LTR RTL