ИНСОННИ ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ШАКЛЛАНТИРАДИ, ЭЪТИБОР ЭСА ЮКСАЛТИРАДИ

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда яхши анъана шаклланди. Давлат  раҳбарининг йил якунида Олий мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси  мамлакатимиз ҳаётида катта воқеа ва муҳим ҳаётий жараёндир. Энг асосий ва долзарб бўлган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар, муаммолар ва режалар, қолаверса, жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома халқимиз, жамиятнинг барча қатлами, шунингдек зиёлилар томонидан катта эътибор билан кутиб олинди, десак, муболаға бўлмайди. Шунингдек, бу муҳим жараёнда келгуси йил номининг эълон қилиниши ҳам кўпчилик учун жуда қизиқарлидир. 
 “ Бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда.
Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланяпмиз.
Якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди, десам, ҳар томонлама тўғри бўлади. Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади,  - деди Президентимиз Мурожаатнома аввалида.
Дарҳақиқат, аҳоли сони йилдан йилга ошмоқда, аммо еримиз, сувимиз, ресурсларимиз кўпайиб бораётгани йўқ. Жорий йилдан қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларига инвестициялар киритилиши, аграномия ва чорвачилик тизимлари кластерларга бирлаштирилиши ва  топширилиши  соҳа ривожи учун муҳим ислоҳотлар сифатида эътироф этилди. Экологик вазият тобора мураккаблашиб бораётган, ер, сув ва  тупроқ ресурслари алоҳида эътиборга муҳтож бўлган бугунги вазиятда замонавий, инновацион усуллар ва технологияларнинг амалиётга жорий этилиши ва бунинг учун катта маблағ йўналтирилиши мавжуд муаммоларга яхшигина ечим бўлиши мумкин. Биз бугун қўрқмасдан тан олишимиз керак.  Ота – боболаримиз азал –азалдан Уста бободеҳқон бўлишган, тупроқдан зар ундириб, чорва туёғи ортидан кун кечирганлар. Биз эса қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида бугун дунёнинг ер – сув заҳираси кам, тупроғи унумдор бўлмаган давлатлардан  ҳам ортда қолиб кетдик.  Узоқ йиллар давомидаги хўжасизлик, эгасизлик бизни ана шундай мураккаб вазиятга келтириб қўйди.  Керакли маблағ билан таъминланиб,  тизим кластер асосида бошқариладиган бўлса, вазият ижобий томонга ўзгаради.  Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг драйвер соҳалари эканини унутмаслигимиз лозим. 
2023 йилнинг — «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилиниши таълим тизими ходимлари учун қувонч ва фахр, қолаверса  катта масъулият  ҳамдир.   
      Ёш авлодга замонавий илм-фан сирларини ўргатиб, касб ҳунарга йўналтириш ёки етук рақобатбардош мутахассис сифатида тарбиялаш  биз – Устозларнинг энг асосий вазифамиз бўлса,  уларни юксак маънавиятли, умумбашарий қадриятлар ва миллий анъаналаримизга содиқ, комил инсон бўлиб етишишлари бутун жамият учун жуда аҳамиятлидир. Бунинг учун шунчаки таълим бериш эмас, соҳани чуқур эгаллаш, етук мутахассис кадр бўлиб етишиш, яъни бир сўз билан айтганда, сифатли таълим зарур. 
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ягона ва  тўғри йўлидир.  
Бошқарув соҳасида ижро ҳокимияти идоралари фаолияти такомиллаштирилиб кадрлар, моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезон ва тартиблар жорий этилмоқда.  Давлат ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга, маҳаллаларга  бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда.  Мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарор халқ билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилиняпти. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган шахсан  Президентимиз томонидан илгари сурилган  ғоя хукумат фаолияти мезонига айланиб бораётгани ўта қувончлидир. Бу Инсонга эътибор деганидир.  Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси тили, дини ва эътиқодидан қатъий назар яхши ва фаровон яшашга,  конституцияда белгилаб қўйилган барча ҳуқуқларимдан эркин фойдаланишга ҳақли ва бу йўлда, давлат ва хукумат,  унга кўмак беришга мажбур. 
Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурига кўра, мамлакатимизда  янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 100 тадан ошган, ҳудудлардаги филиаллар,  хорижий университетлар филиаллари ҳисобига олий таълимга қамров сони ҳам сезиларли даражада  кўтарилди. Бундан  ягона бир мақсад   кўзланган. Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт.  Университетлар ҳақиқатан ҳам талаб қилинадиган билимларни бериши, етук мутахассисларни тарбиялаши, рақобатбардош кадрларни тайёрлаши керак. Бунинг учун дунёнинг илғор тажрибаларини ўрганиб, ўзимизда  жорий этамиз.  
Таълим албатта,  узлуксиз ташкил этилади. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим соҳалари бир – бирига боғлиқ ҳолда ривожлантирилади.   Президентимиз томонидан  мактаб таълими ва Ўқитувчининг обрўси борасида ҳам ҳаққоний фикрлар билдирилди. Ҳоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида амалий тажрибадан ўтказилган усул – бошланғич синфларга бепул тушлик ташкил этилишини тарихда бўлмаган иш, деб ҳисоблаш мумкин.   Бунинг учун давлат бюджетидан  2,3 триллион сўм, имтиёзли таълим кредитлари учун  1,7 триллион сўм  ажратилиши эълон қилинди.  Фарзандларимизнинг саломатлиги учун давлат ҳазинасидан катта маблағ ажратилмоқда.  Бу амалиёт ҳам бутун дунё миқёсида ҳар доим яхши натижа берган – қорни тўқ болалар уйига кўпам шошилмайди, кутубхонага  боришга ёки қўшимча машғулотларга қатнашишга ўзида рағбат сезади, дарслардан кейин спорт билан ҳам шуғулланишлари мумкин.   Бу машғулотлар дарслардан сўнг болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилишини тушуниш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. 
 Президент бу йил энергетика тизимини ислоҳ қилиш йили бўлади, деб таъкидлади. Бугун халқимиз яшил энергия, айниқса кичик ҳажмда бўлса ҳам қуёш электр станциялари қуриш шартлигини тушуниб етган кўринади,  бу ташаббус, йирик лойиҳа  катта корхоналар ва ҳокимларга юклатилди.  Аҳолига қуёш панелларини ўрнатишга субсидиянинг икки баравар оширилиши бу ишни тезлаштиради.
Биз қадимий ва кўҳна Самарқандда яшаётганимиздан ҳар доим фаҳрланамиз. Бу дунё тан олган шаҳардир.  Жорий йилда она шаҳримизда йирик  ҳалқаро тадбирлар, саммитлар бўлиб ўтди.  Самарқандда бунёд этилган “Боқий шаҳар”  мажмуаси нуфузли меҳмонларни бағрига жамлади.   Дунёнинг энг ривожланган  давлат ва хукумат раҳбарлари муҳим сиёсий, ижтимоий, иқтисодий масалаларни муҳокама этиш учун Самарқанд заминига қадам қўйдилар. Бундан ташқари, Самарқанд – туркий тилли давлатлар пойтахти, деб эътироф этилди.   Президентимиз шаҳарнинг ана шу беназир  ҳусусиятлари учун  уни бевосита  Вазирлар Маҳкамаси ва Бош вазир тасарруфидаги шаҳар, деб эълон қилди. Самарқанд ва  саноат шаҳри бўлган Наманган -  Ўзбекистоннинг  бугунги тараққиёти  индикаторидир. 
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мурожаатномада белгиланган вазифалар албатта, фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Президентимиз  бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянишини алоҳида таъкидлади. Бу йўлда барчамиз, олимлар, зиёлилар, ўқитувчилар, деҳқон ва чорвадорлар қаттиқ меҳнат қиламиз.  Меҳнат эса, албатта ўз самарасини беради. Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!
 
 
Худайназар Юнусов
Биология фанлари доктори, профессор
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор
СамДВМЧБУ ректори

LTR RTL