Она тили – бу миллатнинг руҳидир...

Дунёдаги барча  халқлар ва миллатларининг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу уларнинг миллий тилидир. Ҳар бир тилнинг сақланиши ҳамда ёш авлодга етказилиши, халқ тараққиёти ва унинг келажагини белгилайди.  Биргина тил кўплаб халқларни ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди, уни авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди.
1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу Қонун халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.
Тан олиш лозим, бугун инглиз тили халқаро мулоқот тилларининг асосийларидан бири ҳисобланади. У ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб борган ва сиёсий ҳамда иқтисодий масалаларни ҳал этишни осонлаштиради, десак адашмаган бўламиз. Бироқ ҳар бир мамлакат ўз тилини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак, чунки айнан тил уни ўзига хос қилади ва бошқа мамлакатлардан ажратиб туради.
Ёшларга айтар гапим, албатта, тил ўрганинг, бир неча ҳорижий тилларни мукаммал билиш сизнинг шахс сифатидаги камолотингизни белгилайди, аммо Она тилингизни унутманг! 
Сиз қайси мамлакатга бормоқчи бўлсангиз, албатта ўша миллат тили ва маданиятини ўрганасиз, бу сизнинг ўзлигингизни ўзгартириб юбормасин! 
Она тилингиз ва унга бўлган ҳурмат, миллатга нисбатан эҳтиром ҳар доим қалбингизнинг энг нозик нуқтасида сақлансин!
Инглизча, русча, итальянча, испанча ёки французча гапиринг, аммо ўзбеклигингизча қолинг!  
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – Тил байрами муборак бўлсин!

Ҳурмат билан 
Худайназар Юнусов
Биология фанлари доктори, профессор
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор
СамДВМЧБУ ректори

LTR RTL