“МУАММОЛАРГА ҲАМКОРЛИКДА ЕЧИМ ИЗЛАЙМИЗ!” СамДВМЧБУда ҳалқаро илмий анжуман

Бугун Университетда «Ветеринария ва чорвачиликда инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва жорий этишнинг истиқболдаги вазифалари» номли халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади. Анжуманда Марказий Осиё ва ҳамдўстлик мамлакатлари ветеринария, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология соҳасининг етакчи олимлари ва тадқиқотчилари иштирок этишмоқда. Соҳада қўлланилаётган инновацион технологиялар, эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар муҳокамасига бағишланган мазкур илмий конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозим Ибрагимов ва бошқа мутасаддилар қатнашди. 

Халқаро конференцияни университет ректори, профессор Юнусов очиб берди ва меҳмонларни таништирди. Таълим муассасаси раҳбарининг сўзларига кўра, ветеринария соҳасидаги замонавий профилактика ва даволаш усулларининг ечимлари – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва сифатли, экологик тоза маҳсулотларни етиштиришда муҳим роль ўйнайди. Университет ва унинг олимлари, тадқиқотчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар ана шу глобал масалани ижобий ҳал қилишга хизмат қилади. Бу борада муассаса илғор тажрибаларни ўрганишга, қўшни ва ҳорижий ОТМлари билан ҳамкорлик қилишга доим тайёр.

Санк Петербург давлат Ветеринария медицинаси университети ректори, К.Племяшов, Москва давлат ветеринария медицинаси ва биотехнологиялар Академияси ректори С.Позябин, Қозоғистон Миллий Академияси вице президенти Т.Есполовлар иштирокчиларни онлайн тарзда қутлаб, анжуман ишига муваффақиятлар тилади. 

Белорусь Республикасининг Витебск давлат ветеринария медицинаси Академияси СамДВМЧБУнинг энг яқин ҳамкорларидан бири. Муассасалар 2019 йилдан буён ҳамкорлик қилади. Ҳар икки ОТМлари ўртасида ташкил этилган қўшма факультетда айни кунда 40 нафарга яқин талабалар таҳсил олишмоқда. 2023 йилда мазкур қўшма факультет ўзининг биринчи битирувчиларини чиқаради. Ҳар икки мамлакат дипломини қўлга киритадиган мазкур факультет битирувчиларининг салоҳияти ва билимига мутахассислар томонидан катта ишонч билдирилмоқда.  Илмий анжуман ишида Академия ректори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Николай Гавриченко ҳам иштирок этди. Академия ректори икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ва ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, қолаверса соҳага кўрсатаётган эътибори учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобиловга Академиянинг Фаҳрий профессори унвони ва нишонини тантанали равишда топширди. 

Анжуман доирасида Витебск Академияси билан Университетнинг Нукус филиали, Ветеринария илмий тадқиқот институти ва Қорақўлчилик илмий тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва шартномалар имзоланди. Шунингдек, СамДВМЧБУ ва Академия ўртасида ўқув режаларини ҳамкорликда ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. 

Анжуман иши эртага ҳам соҳалар бўйича кичик секцияларга бўлинган тарзда  давом эттирилади. Жумладан, чорвачилик соҳасида маҳсулдор ҳайвонлар селекцияси ва наслини яхшилаш, озиқлантириш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш,

-  Қишлоқ хўжалигида замонавий биотехнологик усуллар, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш ва сақлаш технологиялари, ветеринарияда фармацевтика ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича эришилган ютуқлар.

- Ветеринария чорвачилигида иқтисодиёт, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаштириш, ресурс-энергия тежамкор қишлоқ хўжалик техникаларини яратиш, улардан фойдаланиш ва сервис кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, озиқабоб экинлар селекцияси, ютуқлари ва мавжуд муаммолар.

- Замонавий малакали кадрлар тайёрлаш, ўқитишнинг замонавий усулларида эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳоказо мавзуларда тадқиқотлар муҳокама қилинади.

Ахборот хизмати

LTR RTL