Инсон туғилгандан бошлаб, ҳаётининг якунигача ўқиб – ўрганаркан. Ота –она, яқинлар, дўстлар, ҳаттоки яхши ва ёмон инсонлардан ҳам ҳамиша ниманидир ўрганади, аввал тақлид қилади, кейин ўрганади ва бу билимлар кейинчалик одатга, ҳаёт тарзига айланади.
Аммо ҳаётда шундай касблар ҳам борки, бу касб эгалари том маънода, Сизнинг қалб кўзингизни очади, онгу шуурингизни нурафшон қилади. У Устоз ва мураббийдир!
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига таҳсин айтсак кам.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат - эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз.
Бугунги қутлуғ айёмда биринчи навбатда кўз ўнгимизда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатиб, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз намоён бўлади. Барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, Сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек, дунёнинг бор бойлиги ва хазинаси билан ҳам уларнинг меҳнати ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари самарадорлигини оширишда уларнинг ўрни беқиёс. Ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш муҳимдир. Уларнинг бу борадаги фаолияти таҳсинга лойиқ.
Ватанимизнинг ҳар бир фарзандини ўз фарзандидек ардоқлаб, баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун сидқидилдан меҳнат қилаётган Устозларни қанча улуғласак ҳам оз.
Мамлакатимизда 1 октябрь - Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида узоқ йиллардан буён кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган, ҳоҳ у олий таълимда бўлсин, ҳоҳ халқ таълимида ёки мактабгача тарбия муассасасидами – энг мўтабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизга, Устозларга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида айни кунда 800 нафарга яқин профессор ўқитувчилар 6000 нафардан зиёд ёшларга таълим – тарбия беришмоқда. Уларнинг ҳар бирининг ўз услуби ва дарс ўтиш методикаси ва бошқа жиҳатлари мавжуд, албатта. Улар илмий фаолият билан биргаликда малакатимиз иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, чорвачилик ва биотехнология соҳалари учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашдек муқаддас вазифани чин кўнгилдан адо этишмоқда.
Университет жамоаси ва шахсан ўз номимдан юртимиздаги барча Устоз ва мураббийларни касб байрами билан муборакбод этаман. Бу шарафли номни улуғлаб келаётган барча Инсонларни чин қалбимдан табриклайман! Юксак масъулиятли, машаққатли ва шарафли меҳнатингизда зафарлар, оилавий ҳаётингизда эса, омад ёр бўлишини тилайман Ёшларнинг билим ва малакасини оширишга қўшаётган самарали меҳнатингиз учун ташаккур билдираман.
Камоли эҳтиром билан,
Худайназар Юнусов
Биология фанлари доктори, профессор
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор
СамДВМЧБУ ректори
2022-05-13
2022-05-12
2022-05-17
2022-05-05