Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, партия Марказий Кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Президентимизнинг Мурожаатномасида келтирилган Экология, айниқса сув масалалари ҳақиқатдан глобал муаммога айлаб бораётгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, экологик муаммоларни бартараф этишда ёшларнинг ролини кучайтириш зарурлиги, табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш ҳар бир инсоннинг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши кераклиги Мурожаатномада алоҳида қайд этилгани айтиб ўтилди. Кейинги йилда ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни жадал давом эттириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратилади. Тадбирда сув ресурсларини самарали бошқариш, сув тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий этиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳисобига жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 5,5 млрд.м3 сув тежалишига эришилгани қайд этилди. Шунингдек, кейинги беш йилда жами 642,4 минг гектар, жумладан, 308,6 минг гектарда томчилатиб, 14,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 10,6 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари ва 78,8 минг гектарда эгилувчан қувурлар, 20,9 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий қилинган. Зеро, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир. Экологик муаммолар чегара билмайди, Она табиатимизни асраш, келгуси авлодга тўлалигича етказиш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги, халқимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир. Бу каби лойиҳалар, қилинаётган амалий саъй-ҳаракатлар, ҳар битта фуқорода мамлакатда, жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотларга, бажарилаётган кенг кўламли ишларга нисбатан даҳлдорлик ҳиссини кучайишида муҳим мезон бўлиб хизмат қилади деб ишонамиз.
Тадбир сўнггида университетнинг истеъдодли ёшлари томонидан тайёрланган кўргазмалар такдим этилди.
Ахборот хизмати