Олий таълим битирувчиси бўлиш нафақат битирувчилар, балки ота-оналар, устозлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, илмнинг машаққатли пиллапоясининг иккинчи пағонасини забт этган ёшлар тимсолида саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимизнинг келажагини кўрамиз. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам кўп йиллик таълим-тарбия жараёнидаги фаолият туфайли устозлар томонидан берилган баҳо орқали ёшлар бакалаврлик ва магистрлик даражасига эришди.
Айтиш
жоизки, мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада
кенгайтириш ва шу асосда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича қатор тизимли
ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Яратилаётган имкониятлар эгаларининг эркин
билим олишлари, янги Ўзбекистон тараққиёти учун давлат ва жамиятнинг турли
соҳаларида муносиб ҳисса қўшишлари учун сафарбар этилаётгани бежиз эмас. Бунинг
замирида фаровон ҳаёт, озод ва обод Ватан, соғлом келажак, бахтли турмуш каби
эзгу мақсадлар мужассам.
Шу
ўринда Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган олий
ўқув юрти талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга
бағишланган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган
ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи бор талабаларнинг бандлигини таъминлаш
муҳим вазифалардан этиб белгиланганини айтиб ўтиш жоиз.
Мазкур
вазифани бажариш борасида университетимизда ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга
оширилмоқда.
Жумладан, 2022/2023 ўқув йилида университетни 1067 минг нафар талаба тамомлади. Уларнинг 911 нафарининг бандлиги таъминланди. Бандлиги таъминланган талабаларнинг 825 нафари ўз мутахассисликлари бўйича ишга қабул қилинган бўлса, 2023/2024-ўқув йилида университетни 19 та таълим йўналиши кундузги шаклда жами 1309 нафар талаба бакалавр, 4 та мутахассислик бўйича 5 нафар магистр ўқишни тамомлади. 4 нафар талаба аъло баҳоларга ўқиб, имтиёзли дипломларга эга бўлди.
Ушбу
талабалар ҳақида тўлиқ маълумотлар вазирлик орқали ҳудудий бошқармаларга
етказилган. Бу эса битирувчиларнинг меҳнат бандлигини таъминлашда алоҳида
аҳамият касб этади.
Шунингдек, жорий йилнинг 27 апрел куни университетда битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш масаласида очиқ мулоқот ҳамда “Карьера куни” ўтказилди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган меҳнат ярмаркасида корхона ва ташкилотлар вакиллари бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Ўтказилган
сўровнома натижасига кўра, 658 нафар талаба ишлаш истагини билдириб, 380 нафар
талаба ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Улардан 201 нафари шартнома имзолади.
Яна
бир гап, университетда талабаларни малакавий амалиётларини барқарор фаолият
кўрсатаётган йирик корхона, ташкилот, кластерларда, 2022 йилдан бошлаб хориж
давлатларининг илғор компанияларида ўташни ташкил этиш йўлга қўйилган бўлиб,
битирувчи талабалар ўзлари истаган касб ва ҳаёт йўлини танлашида бу муҳим омил
бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, университет томонидан 60 дан ортиқ йирик компания,
кластер ва бошқа корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, йил якунига қадар 1500
нафар талабанинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартдаги «Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлашни тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида университетда ветеринария, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, ветеринария таълимини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режага асосан, университет бир қатор хорижий нуфузли олий таълим муассасалари, компания ва ташкилотлар билан таълим, илм-фан ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликда лойиҳалар амалга ошириб келмоқда. Бугунга келиб, 80 та хорижий ҳамкорлар билан шартнома, битим, меморандумлар мавжуд. Ана шу ҳамкорлик натижасида университетдан 2023-2024 ўқув йилида 6 та Туркия, 1 та Россия, 20 та Белоруссия, 2 та Руминия, 2 та Латвия, 15 та Қирғизистон, 2 та Эрон, 30 та талаба ва 20 та магистрантлар Қозоғистоннинг Қозоғистон Миллий аграр тадқиқотлар университети, M.Aвeзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетига, 5 та профессор-ўқитувчилар Америка Қўшма Штатларининг Миннесота университетида ҳамда 2 та профессор-ўқитувчиларимиз Қозоғистоннинг Жангир Хан номидаги Ғарбий Қозоғистон аграр-технологик университетида хизмат сафарида бўлишди. Ўз навбатида университетга 100 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар ва расмий делегациялар ташриф буюрди.
Шунингдек,
2018 йилда Беларус Республикасининг «Ҳурмат белгиси» орденли Витебск давлат
ветеринария медицинаси академияси билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш
бўйича 3 та йўналиш бўйича икки ОТМ ўртасида меморандум имзоланди ва 2023-2024
ўқув йилида 11 нафар илк қалдирғочларимиз қўш дипломга эга бўлишди. Шу
йўналишда ҳозирда 3 нафар талабамиз 4 босқичида таҳсил олишмоқда. Академиянинг
Ветеринария фармацевтикаси ва Зоотехния таълим йўналиши бўйича 2023-2024 йилида
4 нафар талабамиз ўқишни якунлаб, хорижий диплом ва тажрибалар билан юртимизга
қайтиб келишди. Латвия Республикасининг Латвия табиий фанлар ва технологиялар
университети билан «Чорвачилик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишнинг инновацион
технологияли» номли бакалавр ҳамда «Озиқ-овқат таълими», қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг инновацион технологиялари
ва сертификатлаш” номли магистр таълим йўналиши бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш
йўлга қўйилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк магистр талабамиз икки дипломга
эга бўлди. Ҳозирда 2 нафар магистр талабамиз ўқишини давом эттирмоқда.
Маълумот
ўрнида шуни айтиш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ғамхўрликлари ва
ёшлар учун яратиб берган кенг имкониятлари туфайли Самарқанд давлат ветеринария
медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети талаба-ёшларининг
халқаро, республика, вилоят миқёсда
эришган ютуғи ҳам салмоқли. Фаолият олиб бораётган ёш олимлар,
магистрант ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, улар томонидан олиб
борилаётган илмий тадқиқот ишларини, амалга ошираётган лойиҳаларини халқ
хўжалигининг турли тармоқларига жорий этилишига кўмаклашиш, стартап лойиҳаларни
яънада қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда университетда жами 30 та фан ва
илмий тўгараклари ташкил этилган. Мавжуд илмий тўгаракларда университетнинг
1700 га яқин талабалари турли йўналишларда илмий тадқиқотчилик фаолияти билан
иштирок этиб келишмоқда.
Стартап
лойиҳаларни кўпайтириш, талабаларни республика ва халқаро танловларга тайёрлаш ва
юқори савияда иштирок этишлари учун 2023 йилнинг 27 ноябрда «Дастурий
маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» ИТ-Парк
Самарқанд ҳудудий филиали билан ўзаро ҳамкорлик меморандум имзоланди.
Ўзбекистон
Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг 2024
йил 26 февралдаги буйруғига асосан жорий йилнинг 4-6 апрель кунлари Қўмита
тасарруфидаги Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган
Республика фан олимпиадасида 10 та фан йўналишида 30 дан ортиқ ёшларимиз
ғолибликни қўлга киритди.
Биргина
жорий ўқув йили битирувчилари орасида 1 нафар Ўзбекистон Республикаси
Президенти Давлат стипендияси, 1 нафар «Ислом Каримов» номли Давлат стипендияси
ҳамда 1 нафар «Беруний» номли Давлат стипендиялари соҳиблари бўлиб, 4 нафар
талабамиз стартап лойиҳа кўрик-танлови Республика босқичида иштирок этган
бўлса, 7 нафар талабамиз Республика фан олимпиадасида ғолиблар сафидан жой
олишди.
Илмий
фаолият билан шуғулланувчи изланувчиларидан 14 нафари фалсафа доктори (PhD), 1
нафари DSc диссертацияларини ҳимоя қилишди, 2 нафар изланувчилар илмий
семинардан ўтиб, илмий кенгашга ҳимоя қилиш учун тавсия этилди ҳамда 18 нафар
изланувчилар кафедра муҳокамасидан ўтказилган.
Бундан
ташқари университетда “Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик
соҳасини ривожлантириш учун кадрларни интенсив тайёрлаш илмий бизнес
инкубатори” мега лойиҳасига старт берилган эди. Ушбу лойиҳа илмий кадрлар
етиштиришнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, илмий изланишларни тижоратлаштириш
ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда тўлиқ
ўз-ўзини молиялаштириш механизимини яратиш мақсадида барча имкониятларни ўзида
мужассамлаштирган.
Лойиҳада
бугунги кунда 46 нафар илмий жамоадан ташкил топган бўлиб, жумладан 40 ёшгача бўлган
ижрочилар 33 нафар, 45 ёшгача бўлган ижрочилар 8 нафар, 60 ёшгача бўлган 5
нафар мустақил изланувчилар, магистр ва талабалар 14 тадан ортиқ ҳайвон турлари
устида ўз илмий - тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.
Умуман
олганда, мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли,
кенг дунёқарашли, замонавий фикрли, ўз касбининг усталари бўлган инсонларга
боғлиқ. Шу боис юртимизда айнан таълим йўналишларини, инсон капиталини
ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун Самарқанд давлат
ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида олиб
борилаётган таълим-тарбия жараёни ҳам талабаларимизнинг эртанги кун учун
мустаҳкам пойдевор яратишларига замин бўлаётир.
Худайназар Юнусов,
Самарқанд давлат
ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва
биотехнологиялар университети ректори, профессор.