“Чорва учун ҳар йили бир хил, ишламайдиган вакцина сотишади” Савдо-саноат палатаси гўшт, сут ва тухум етиштирувчи бизнес вакиллари ҳамда вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида сўз олган андижонлик тадбиркорлардан бири Ўзбекистонда қорамолларни касалликларга қарши эмлаш ишлари талаб даражасида эмаслигини айтган ва ижтимоий тармоқларда бу масала кенг муҳокама этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибидаги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети жамоаси, профессор ўқитувчилар томонидан ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркор томонидан билдирилган фикрлар муҳокама этилди.
Ҳориждан келтирилаётган наслли қорамолларда юқумли касалликлар қайд этилгани ростми? Ўзбекистонга асосан, қайси давлатлардан вакцина келтирилади ва унинг самарадорлиги қандай? Исталган одам вакцина келтириши мумкинми ва бу борада қонунчиликда нима дейилган?Давра суҳбатида ана шу масалалар муҳокама этилди.
Ветеринария фанлари доктори, профессор Ҳайит Салимовнинг сўзларига кўра, сўнгги 30-40 йиллар мобайнида қорамолларда юқумли касалликлар, (куйдирги, оқсил, лейкоз, қутуриш ва ҳаказолар) расман қайд этилмаган. 100 йиллар мобайнида маълум бўлган касалликлар ўчоқларида (мамлакатнинг алоҳида ҳудудларида) вазият барқарор. Вакцинация (эмлаш) жараёнлари белгиланган тартибда ва шароитларда амалга оширилмоқда. Вакцина турли касалликлар бўйича Россия Федерацияси, Белорусь ва Украинадан келтирилади. Унинг сифати ва самадорлиги техник кўрикдан ўтказилади. Ҳориждан келтириладиган қорамоллар ветеринария ва санитария талабларига асосан, инфекцион касалликларга қарши эмланади ва 30 кунлик карантинга олинади. Карантиндан сўнг яна эмланади. Мамлакатимизда рўйҳатдан ўтказилган вакцина ўзимизда пайдо бўлаётган вирус ва инфекцияларга нисбатан юқори самарадорликка эгалиги асосий шартлардан биридир. “Фермер хўжаликлари томонидан чет элдан мол олиб келинаётганда қўмита мутасаддилари ёки ветеринария соҳаси мутахассисларидан бемаслаҳат иш қилишади. Тадбиркор шу масала бўйича, қўмитага мурожаат қилса, қўмита албатта мутахассис ажратади. Мутахассис қорамолларни сотиб олмоқчи бўлган давлатдаги хўжаликка бориб, у ердаги вазиятни ўрганади. У ерда моллар сўнгги бир йил давомида қанақа касалликка чалинган, ташхис қандай бўлган, қандай даъволанган, натижа нима бўлган? Ҳаммаси ўрганилади. Соғлом деб кафолат берилган моллар Ўзбекистонга олиб келинади ва яна карантинда сақланади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бутун дунё бўйича тарқалаётган касалликлар мониторинги олиб борилади. Мутасаддилар қаерда, қандай касалликлар тарқалаётгани ё тарқалгани ҳақида фермерларни огоҳлантиради, у ердан қорамолларни олиб келманг, дейди, ҳеч бўлмаганда. Амалдаги тартибга кўра, истаган одам вакцина ишлаб чиқара олмайди. Эмлама давлат тасарруфидаги ташкилотлар томонидангина ишлаб чиқарилиши мумкин, бу биоҳавфсизлик масаласидир. Давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади. Шунингдек, фермер хўжаликлари олимлар ва мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Ҳамкорлик катта натижа беради, - дейди Ветеринария илмий – тадқиқот институти директори ўринбосари Муҳиддин Рўзимуродов.
Мулоқот давомида баҳс – мунозаралар қизғин давом этди.
Вазият атрофлича муҳокама этилди ва Ишчи гуруҳ томонидан воқеа жойи мутахассислар иштирокида ўрганилгандан сўнг, янада аниқ хулосаларга келиниши қайд этилди.
Воқеалар ривожини кузатамиз.
Ахборот хизмати
2023-11-06
2023-03-01
2023-03-17
2022-05-17